Сизга таниш психология


19-12-2018 14:15
Сизга таниш психология
Қачонки Европада бирор миллат ўзлигини таний бошласа урушга берилади. Ғарбда миллатлар ўзлигини тўлиқ ҳис этиб яшаш ҳадисини олмаган. Ғарб психиатрлари ҳар бир шахснинг «мен»ини ривожлантириш ва шу орқали инсондаги миллатга тегишлилик ҳиссини сўндириш орқали бу иллатга барҳам бермоқчи бўлишди.

Бироқ, бунинг салбий жиҳати бўй кўрсатиб, инсон кўнглининг туб-тубида яшириниб ётган ярамас одатларни қўзғатиб юборди - Европани қутқариш илинжида қайта жонланган шахсий эркинлик энди инсониятни маънавий инқироз томон етакламоқда.

Шундай, замонавий психологиянинг қонун-қоидалари, тартиблари ўтган асрнинг бошларида, айнан Европада миллатчилик авж олган вақтда, ушбу салбий ҳолатга қарама қарши ўлароқ ўрнатилди.

Бугун ўша психология, унинг тартиб-қоидалари, хулосалари бизнинг ҳаётимизга ёпирилиб кирмоқда.

Психология – руҳиятни ўрганади ва шу орқали инсонлар ҳаётига таъсир кўрсатади. Қизиғи, миллатларнинг руҳияти бир хил эмас-да! Албатта, инсонлар руҳиятида, у ким, қайда бўлмасин, уйғунлик бор. Бироқ, бир халқнинг иккинчисидан озгина фарқи ҳам бўлади ва бу миллатларнинг ўзига хослигини белгилайди.
Соҳанинг ҳар қандай қонун-қоидалари маълум даҳолар, олимлар билан боғлиқ. Ҳатто улар кўпинча бир-бирини зўр бериб инкор қилишига нима дейсиз?

Амалдаги психология ғарб олимлари томонидан, ғарб кишилари руҳиятини ўрганиш натижасида яратилган, унинг ҳар қандай қоидалари, тавсиялари, меъёрлари ўша томон кишиси руҳияти асосида ишлаб чиқилган. Тўғри-да, фаннинг предмети инсон руҳияти экан, уни тиббиётда бўлганидек аввал сичқон-у қуёнларда синаб бўлмаса...

Психологиянинг бирор меъёрини, тавсиясини яратиш учун бир қанча инсонлар ўрганилиб, шулар учун умумий ҳолатлар ҳисоблаб чиқилади ва якуний хулоса, меъёр сифатида тақдим этилади.

Албатта, психология аниқ фан эмас. Лекин, қизиқ жиҳати - ғарб кишисини (хусусан, руҳий касаллар) ўрганиш асосида ишлаб чиқилган, уларнинг руҳиятига мослашган, шу негизда берилаётган тавсиялар ва хулосалар бизга мос келадими? Бу тавсиялар охир оқибатда бизни ғарб руҳиятига мослаб қайта тарбияламайдими?

Психологнинг олдига муаммонгизни айтиб борсангиз, биринчи навбатда «сен ўзингни яхши кўр, ўзингни ҳурмат қил, ўзингга ишон!» деганга ўхшаш маслаҳат беради. Телевидение орқали ҳам буни кўп эшитган чиқарсиз. Яъни, улар ҳар қандай муаммомиз ўзимизни севмаслигимиздан, деб билади.
Машҳур ғарб психологининг мижозлари онгига сингдирадиган асосий қоидасини олинг: «мен сенинг муаммонгни ҳал қилиш учун туғилмаганман, сен менинг муаммомни ечиш учун яшаётганинг йўқ!» У шу йўл билан инсон руҳиятини даволамоқчи бўлади. Бу ғарблик учун мақбул услуб. Бизда бунақа шиор билан руҳий сиқилган одамни даволаш мумкин эмас. Бу, ҳатто, амалдаги қонунчилигимизга ҳам зид. Конституциямиз бўйича нафақат ота-оналар болалар учун, балки болалар ҳам ота-она учун масъул.

Психологлар руҳий муаммоларимизни ўзимизнинг эмас, яқинларимиз манфаатларини устун қўяётганимизда, деб билади? Ва, ёмон жиҳати, буни ўзгартиришга уринади. Эгоцентристликка ундайди. Бу бизнинг миллат сифатидаги якдиллигимизга тажовуз эмасми? Қонунларимизни оёқ ости қилишга ундов эмасми?

Инсон ўзгалар учун қанча кўп қайғурса шунча бахтли бўлиб бораверади, фақат ўзини севган умидсизликка, тушкунликка ва бахтсизликка маҳкум. Чунки биз учун бировдан меҳр кўришдан ўзгаларга меҳр кўрсатиш муҳимроқ, ҳатто бу ҳаёт-мамот масаласи.

Ғарб маънавий ҳаёти кўрсатдики, инсон ўзини севгани билан муаммоси ҳал бўлмайди. Аксинча, маънавий олами қашшоқлашиб, ҳаёти мазмунини йўқотади, истеъмолчига айланади. Бу эса руҳият тушкунлигига сабаб бўлади. Демак, психологларнинг иши ўзига иш топиш!

Руҳият билан боғлиқ қоидаларни кўр-кўрона кўчириш мақбул иш бўлмас. Кўчириш майли, таржимадаги ноқисликлар-чи?

Психологик тестлар орқали ходимларнинг, ишга номзодларнинг, айрим абитуриентларнинг руҳий ҳолати ўрганилади. Ушбу тестларнинг ишончлилик даражаси жуда паст. Бундан ҳам ҳайратланарлиси, ўзга миллатлар руҳияти асосида ишлаб чиқилган эмасми, улар берган хулосаларга кўра, айнан миллий қадриятларни ҳурмат қиладиганлар салбий баҳоланади.

Албатта, «бу соҳа биз учун мутлақ ёт», деган қараш ҳам номақбул. Лекин ҳар қандай ўрганмай, синамай ёппасига жорий этиладиган ғоя ва услубларнинг фойдасидан зарари кўпроқ бўлгани каби, амалий психологияда ҳам саралаб олинадиган, териб ташланиши лозим жиҳатлар бисёр.

Бир пайтлар психолог Жеймс Викари 25-кадр тўғрисидаги афсонани ўйлаб топган. У кинотеатрда 25-кадр сифатида «Кока-кола» сурати кўрсатилгани, бу томошабин онгига ўрнашиб, фильмдан сўнг ўз-ўзидан ушбу ичимликни харид қилганини айтган. Кейинчалик маълум бўладики, психолог аслида бунақа тажрибани умуман ўтказмаган. «Кока-кола» эса бу ёлғонни сифатида бутун оламга ёйиб юборган. Ичида рекламаси бор-да.

Хўш, яна қанча психологик тажрибалар аслида ёлғон? Шунчаки одамларни чалғитиш учун, манфаат, шуҳрат илинжида, реклама учун тўқиб чиқарилган?! Бу хулосаларни текшириб исботлаш ёки рад этиш имкони йўқ, ахир.

Ҳозирда психолог кўп, етук психологлар кам (балки шунисигаям шукур, улар кўпайса ўзига хослигимизни йўқотиб қўярдикми). Чунки касб романтикаси яратилмаган. Касб романтикаси йўқ экан, ўзини шу йўлда фидо қилишга тайёр инсонлар кам бўлади. Бўлмаса, руҳиятга эътиборсиз халқ эмасмиз. Ҳар қандай руҳшуносни йўлда қолдирадиган фолбин, қушноч, аъзамийхонларимиз бор. Лекин улар шахсий манфаат доирасидан чиқиб кетишмайди ва инсон руҳияти ҳақидаги билимларини яширин қурол сифатида махфий сақлайди.

Дарвоқе, психологлар ва фолбинлар ҳақида…

Уларнинг мақсадлари бир бўлса-да, психологларнинг ўз иш тартиби бор. «Услуб» дейишади. Лекин улар ҳали миллатнинг ишончини қозониб, кинначиларни ҳаётимиздан сиқиб чиқара олмади. Улар миллий заминдан узоқлашиб кетгани учун ҳам, халқнинг эътиборини қозонолмаяпти.

Психологларга устозлари (олий таълим муассасаларида эмас) «ҳар қандай маслаҳатинг учун ҳақ олишинг керак», деб ўргатаркан. Йўқ, гап пулда эмас, гап ўша пулни бераётган одамнинг ишончида. Текин маслаҳат қадрли эмас, унга ишонишмайди («текин мулла, тентак тумор», деган матални эсланг – халқ энг ката психолог, аслида). Ишонч – психолог учун энг асосий шарт! Фолбинлар, қушночларда ҳам шундай – текинга ишлаш қатъий тақиқланади!

Психологнинг қушноч, фолбин ва экстрасенсларга ютқазадиган жойи – у методика ва қоидалар юз фоизлик кафолат бермаслигини тушунади, шунинг учун ўз ишига, демакки ўзларига тўлиқ ишонмайди, мижоз эса буни англайди. Шундан психологнинг иши самара бермайди. Фолбинлар ўзига, аниқроғи «жин», «одам»ларига ишонади, нимадир ўхшамаса, айбни уларга ағдаради. Психологлар эса айбни Фрейд, Адлер, Юнг, Берн ёки бошқа бир даҳога ағдаролмайди.
Психолог кимлардир томонидан ўрнатилган қонун-қоидалар, меъёрлар асосида хулоса қилади. Фолбин мантиққа суянади, ички овозига қулоқ солади. Ички овоз мантиққа таянар-да. Ахир биламиз, инсоннинг кийими, овози, ҳиди, юз тузилиши, умуман турган-битгани ахборот. Уларни илғаб, таҳлил қилиб, хулоса чиқариш мумкин.
Дарвоқе, кейинги маълумотларга қараганда, онгимиз бизсиз ҳам бу ишни қилаверар экан. Шу сабабли кимдир, сабабини билмасак-да, бизга ёқади, кимдир йўқ. Қушноч, кинначи, фолбин, экстрасенслар шу ахборотларни биздан кўра тезроқ, аниқроқ илғаса ва таҳлил қилса керак. Чунки, айтилди, уларнинг онги одатдагидан ўзгача бўлади. Унда ҳаммасини айтиб турадиган жин ўтиради, ахир.

“Тошкент” телеканалида “Кесишмаган нуқта” кўрсатуви бор. Кўрсангиз, психологларнинг иш услуби фолбинларники билан бир хиллигига ишонасиз.

Психология синовдан ўтган, аниқ тизимга солинган. Лекин миллийликдан узоқлиги сабабли унга ишонавермаймиз. Балки етук мутахассислар йўқлигидир… Лекин қишлоқларда, ҳатто шаҳарларда ҳам ҳанузгача эски услубларга ишонувчилар кўп. Уларни қолоқликда, ўқимаганликда, омиликда айблашга шошилмайлик. Инсон руҳияти тўғрисида гап кетаркан, ғайримантиқий, ғайриилмий қарашлар ҳақида сўзлаш ўринли бўлмайди. Чунки у математика ёки тиббиёт эмас, бунда фақат «ихлос – халос», деган доно тамойил амал қилади. Ким ишонтирса, ким кўпроқ таъсир кўрсатса ўша ҳақ. Руҳият масаласида шундай.

Ушбу мавзуда бир пайтлар вақтли матбуотда чиқишлар қилганимда, психологлар раддия битишган. Йўқ, фикрга қарши далиллар билан эмас, ўз авторитетлари билан эзиб ташламоқчи бўлишган. Гўёки 100 га яқин фан номзоди, ўнлаб фан доктори бўлган соҳани танқид қилганмишман. Шунга нима? Ўтган асрнинг 90-йилларида «Ўзбеккосмос» деган ташкилот бўлган (қўнғироқ ясаб сотишарди). Ўша ташкилотда юзлаб одамлар маош олиб ишлаган бўлса, бу «коинотга чиқмаганмиз», деган ҳақиқат айтиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди-ку!

Бир ташкилотда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб, олдини олиш учун психолог лавозимлари жорий этиладиган бўлди. Психологлар ишга киришди. Вазият ўзгармади. Раҳбарият натижа талаб қилганда, психологлар иддао билан: «ҳеч ким, ҳеч қачон ўзини ўлдиришни олдиндан аниқлолмайди, бунинг олдини олиш мумкин эмас», дейишди (айтдим-у, психология нимага кераклигини билмаймиз, чамаси). Бироқ энди орқага йўл йўқ, лавозимлар киритилган, маблағ ажратилган. Муаммо эса шу ҳолича қолди.

Психология билан жамият ўртасидаям шунга ўхшаш вазият юзага келмаганмикин, деб чўчийман.

Муаллифингиз баён этган муаммолар мавжудлигини ҳар бир психолог билади. Ҳавас билан: «Японияда, Кореяда, Россияда психологияни миллийлаштириш билан шуғулланадиган марказлар ишлайди», деб юрганлари қанча. Лекин шу гап замирида ҳам юқорида баён этилган муаммолар ётгани айтилмайди, чунки ҳар доим ҳам ҳақиқатни манфаатдан устун қўя билмаймиз.

Инсоният ҳар-ҳар замонда ўз иши, билимига шубҳа билан қараши лозим. Тарихдан биламизки, инсоният ўзига ҳаддан ортиқ ишонган замонларда энг разил ишларни содир этган. Инсоният энг ёрқин натижаларига ўзига, билимига шубҳа билан қараганда эришган. У шубҳалана бошлаганда ютуқларга эришади. Ҳолбуки, замонавий психология бизга ҳар доим ўзимизга тўлиқ ишонишни уқтиради.

Исмоил Шомуродов, журналист

Фототанлов эълон қилинади...

«Дурдона» аёллар ва болалар психологик Маркази» жамоат бирлашмаси (Навоий шаҳри) томонидан «БУ МЕНИНГ ОИЛАМ» номли фототанлов эълон қилинади.